Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси томонидан ишлаб чиқарувчи корхоналарда учрашувлар ташкил этилиб, унда тадбиркорларга ҳуқуқий ва амалий ёрдам кўрсатиш ҳамда соҳада яширин иқтисодиётни олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Самарқанд вилояти ҳамда Тошкент шаҳрида жойлашган алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарда ўтказилган навбатдаги учрашувларда ҳам соҳага оид қонунчилик ижроси, хусусан, лизенция талаб ва шартлари асосида фаолиятни йўлга қўйиш, ишлаб чиқариш қувватларини бажарилиши, соҳада замонавий технологиялардан унумли фойдаланишнинг самарадорлиги билан яқиндан танишилди.
Тарғибот тадбирларида Ўзбекистон Республикаси Президентнинг 2024 йил 3 июндаги ПФ-84-сонли Фармони ва ПҚ–204-сон Қарори ҳамда Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 20 февралдаги 1034-сон Қонунининг мазмун-моҳияти ҳақида батафсил тушунтиришлар берилди.
Маълумот ўрнида, бугунги кунда алкоголь ишлаб чиқарувчи 55 та корхонада лицензия мавжуд бўлиб, 31 таси ароқ ва ликёр-ароқ, 8 таси вино ва коньяк, 16 таси виноматериал ва коньяк дистиллияти ишлаб чиқаради;
– 139 та алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси билан шуғулланувчи корхоналар фаолият юритмоқда.
Инспекция ходимлари томонидан корхоналарда ўтказилаётган ўрганишлар жараёнида ишлаб чиқариш фаолияти, техник ва технологик нормаларнинг ижроси, санитария-гигиена қоидаларига риоя этилиш ҳолатлари ҳамда ишчи-ходимларга яратилган шароитлар яқиндан ўрганилди.
Асосийси, ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳажми тўғрисида ахборот берувчи электрон ҳисоблагичлар белгиланган тартибда муҳрланиши таъминланди.
Соҳада бу каби замонавий рақамлаштириш тизимининг жорий этилиши тадбиркорларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш билан бирга, яширин иқтисодий фаолиятни олдини олиш, жараёнларни оптималлаштириш ва харажатларни камайтириш, таъминот занжири бўйлаб маҳсулотларнинг ҳаракатланиши тўғрисидаги маълумотларни доимий назорат қилиш имконини яратади. Инспекция томонидан мазкур йўналишдаги тарғибот тадбирлари тизимли давом эттирилмоқда.
